Иззат – Исломдадир!

Иззат – Исломдадир!

Иззат – Исломдадир!

Иззат – Исломдадир!

Тарих китобларида ҳазрати Умарнинг (р.а.) фатҳ этилган Қуддус шаҳрига кириб боришлари шундай тасвирланган: Қуддусликлар «халифангиз келсагина шаҳарни сизларга топширамиз», дейишади. Ҳазрати Умар (р.а.) бир туя, бир хизматкор билан Мадинадан Қуддусга равона бўладилар. Камтарликни қаранг. Дунёнинг ярмини бошқариб турган амир хоҳлаганида аркони давлат билан, асъасаю дабдаба билан йўлга чиққан бўларди. Аммо унинг хизматкордан бошқа кузатувчи йўқ, қўриқчиси йўқ, қилич-қалқон, ўқ-ёй йўқ.

Адолатли Умар (р.а.) хизматкор ва ўзлари навбат билан туяга миниб боришаверди. Қуддусга яқинлашганларида шаҳар аҳли «халифа келяпти», деб дарвоза калитларини топшириш учун унинг истиқболига чиқади. Шунда туяга миниш навбати хизматкорда эди. У туяда, халифа эса пиёда келяпти. Бир жойда халифа Умар (р.а.) сувдан кечиш учун почаларини шимариб олади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: «Ислом олий давлатининг бош раҳбари яланг оёқ, бош яланг, почалари шимарилган ҳолда мағлуб шаҳарга кириб бораётир… Қуддусни қамал қилган Ислом лашкарининг бош қўмондони бу кўринишдан хижолат бўлиб, халифага таъна қилади:
– Эй Умар (р.а.), айб бўлди, бу ҳолдан биз уяламиз.
Ҳазрати Умар унинг кўксига бир уриб:
– Йўқол кўзимдан! Агар шу сўзингни олдинроқ айтсайдинг, вазифангдан олиб ташлардим. Иззат – Исломдадир, қилиқ-қиёфада эмасдир! – дедилар.

Баридан воқиф

Умар (р.а.) халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баробар кўрадиган халифа эдилар. Умар (р.а.) одамларга бериш учун ўзларини маҳрум қилар ва улар тўйишлари учун оч қолар эдилар. Одамларнинг уйларидан, манзилларидан хабардор бўлиб турардилар.
Бир куни бозорда садақа сўраётган қарияни кўрдилар ва: «Эй шайх, нима қилаяпсан?» деб сўрадилар. Қария: «Мен ёши улуғ қарияман, ёрдам ва нафақа сўраяпман», деди. У Мадина ахолисидан бўлган яҳудий эди. Умар (р.а.) буюк инсоний хислат эгаси эдилар. Шундан унга: «Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ўшлигингда сендан жизя олиб қариганингда ташлаб қўйдик», дедилар-да, унинг қўлидан ушлаб уйига олиб бордилар. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этдилар ва Байтулмол хазиначисига: «Бу ва бунга ўхшашларнинг ўзи ва аҳлига етарли миқдорда маблағ ажрат», деб одам юбордилар.

* * *

Бир марта Умар (р.а.) Мадина кўчаларида юргандилар, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолдилар. Қиз бир турар, бир йиғиларди. Шунда Умар (р.а.): «Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?» дедилар. Ўғиллари Абдуллоҳ: «Танимадингизми, эй мўминларнинг амири?» деганда, у киши: «Йўқ», дедилар. Абдуллоҳ айтдилар: «Бу – қизларингиздан бири!».
– Бу қайси қизим?
– Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг қизи Фалона.
– Эссиз, унинг бу ҳолга тушишида нима сабаб бўлди?
– Сиздаги нарса бундан тўсиб қўйди.
– Аллоҳга қасамки, менда мусулмонларникичалик ҳаққингдан бошқа нарса йўқ. Бу мен ва сизнинг ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир.

* * *

Мадинага тижоратчилар карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (р.а.) Абдураҳмон ибн Авфга (р.а.): «Бу кеча уларга қўриқчилик қиламизми?» дедилар. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Аллоҳ фарз этган намозларини ўқишди. Шунда Умар (р.а.) бир гўдакнинг йиғисини эшитдилар ва у томон юрдилар. Унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара», дедилар, сўнг ўз ўринларига қайтдилар.шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара», дедилар-да , жойларига қайтдилар. Вақтики, тун охирлаганди, яна унинг йиғисини эшитдилар. Онасига бориб: «Ҳайф сенга, яхши она эмас экансан! Ўғлингга нима бўлди, кечадан бери тинчимайди?» дедилар. Онаси у кишини мўминларнинг амири эканликларини билмай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни кўкракдан чиқаришга мажбурлайман, у эса кўнмайди», деди. Умар (р.а.): «Нима учун?» деб сўрадилар. У айтди: «Чунки Умар кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни, фарзандлари кўкракдан чиққан оталаргагина ҳақ беради). Умар (р.а.): «Бунинг ёши нечада?» дедилар. У: «Мана шунча ойлик», деб айтди. Умар (р.а.) эса: «Эссиз унақа шошмагин», дедилар-да бомдод намозини ўқидилар. Йиғининг кучлилигидан қироатлари одамларга эшитилмади. Шунда салом бериб дедилар: «Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлди…» Сўнг бир мунадийга: «Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз», деб нидо қилишга буюрдилар. Бу билан ҳамма томонга чопар юборилди.
Фақир ҳоким
Ҳазрати Умар (р.а.) Саид ибн Омир ал-Жумаҳийни Химсга волий қилиб тайинлади. Уни сафарга жўнатиш олдидан ҳузурларига чақириб:
– Эй Саид, мана волий бўлиб кетяпсан, сенга қанча маош ажратай? — деб сўрадилар халифа.
Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:
– Эй амирал мўминин, мен маошни нима қиламан? Байтул-молдан бериб туриладиган нафақа (яъни, кийим ва овқат)нинг ўзи етади, — деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди.
Саид Химсда волийлик қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир гуруҳ ишончли кишилар билан Химсга келдилар. Мақсад – волийнинг иши билан танишмоқ, камчиликларини тузатмоқ, адолатсизлик қилган бўлса, танбеҳ бермоқ эди. Халифа халқнинг ҳаёти билан танишиш, муҳтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрдилар. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар (р.а.) рўйхатнинг аввалида «Саид ибн Омир» исмига ногоҳ кўзлари тушиб, атрофдагилардан сўрадилар:
– Ким бу?
– Бизнинг волийимиз…
– Ие, у ҳам фақирлар қаторидами? — ҳайрон бўлиб сўрадилар халифа.
– Ҳа, жудаям фақир. Валлоҳи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт ғаланиб, овқат пиширилмайди.
Бу гапларни эшитиб, ҳазрати Умар (р.а.) йиғлаб юбордилар. Бу қандоқ мўминки, ўзи волий бўлатуриб, бой бир ўлканинг ҳукмдори бўлатуриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтул-молдан егулик олишга ҳадди сиҚмаса. У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўзлари-чи? Унинг ҳам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундоқ. Волийси ҳам, халифаси ҳам, олими ҳам, фозили ҳам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади.
Ҳазрати Умар (р.а.) шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинладилар:
– Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни амирал-мўминин муҳтожликдан қутилишинг учун бериб юборди, деб айтинглар.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий ҳайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор… Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржо айтди: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун». Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб, тинчиди.

Хикоялар
Иззат – Исломдадир!