Зуҳо намози ва унинг фазилати

Зуҳо намози ва унинг фазилати

Зуҳо намози ва унинг фазилати

Зуҳо намози ва унинг фазилати

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир».

(Термизий, Ибн Можа, Байҳақий, Табароний, Баззор ва Ибн Абу Осим ривоят қилишган.)

Юқоридаги ҳадис қуйидаги кўринишда ҳам ривоят қилинган:

«Ким икки ракаат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракаат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракаат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Халилим саллоллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, икки ракаат чошгоҳ–зуҳо намоз ўқишни ва ухлашимдан олдин витр намозини адо этмоғимни».

(Бухорий, Муслим, Насоий ривоят қилишган. Худди шу ҳадисни Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам ривоят қилганлар.)

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик».

(Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар. Термизий ҳасан-ғариб деганлар.)

Зуҳо намози неча ракаат?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса,
гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилгайдир».

(Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва Исҳоқ ривоят қилганлар.)

Абу Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам «Ҳар бир инсонда 360 та бўғин бўлиб, ҳар бўғин учун садақа бериши лозим»,- дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, бунга кимнинг кучи етади»,- дейишди. Расулуллоҳ: «(Бунинг ўрнига) икки ракаат зуҳо намоз ўқисангиз кифоя қилади»,- дедилар».

(Абу Довуд, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Абу Яъло ва Абу Нуъайм ривоят қилишган.)

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз («Субҳааналлооҳ» деб айтиш) – садақа, ҳар бир ҳамд («Алҳамдулиллааҳ» деб айтиш) – садақа, ҳар бир таҳлилингиз («Лаа илааҳа иллаллооҳ» деб айтиш) – садақа, ҳар бир такбирингиз («Аллооҳу Акбар» деб айтиш) – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намоз ўқишингиз кифоядир»,- дедилар».

(Имом Муслим ривояти.)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо (чошгоҳ) намозини тўрт ракаат ўқир эдилар. Аллоҳ хоҳлаганича ундан ҳам зиёда қилаверардилар».

(Имом Муслим ривояти.)

Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Макка фатҳи куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, ювинаётган эканлар. Қачонки, ювиниб бўлганларидан кейин саккиз ракаат намоз ўқидилар. Ана шу зуҳо намози эди».

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)

Хулоса шуки, зуҳо намозининг энг ками икки ракаат ва энг кўпи ўн икки ракаатдир. Валлоҳу аълам.

Зуҳо намозининг вақти қуёш тўла чиққандан тахминан 15 дақиқа ўтгач бошланади ва пешин вақти киришидан 10 дақиқа аввал тугайди. Энг афзал вақти – пешин вақти киришидан 30-45 дақиқа аввалги вақтдир.
Дуода эсланг…

Хикоялар
Зуҳо намози ва унинг фазилати