Гуноҳдан ӯзини тӯхтата олмаслик ҳақида ислом дини нима дейди?
Savol:
Ассалому алайкум! Маълумки динимизда ӯзини ӯзи қондириш каби иллат қаттиқ қораланган, уларнинг лаънатга қолиши ҳам айтилган ва яна бир қанча моддиӣ ва маънавий зарарлари ҳам бор гап. Охирги кунлар деярли тӯлиқ бир куним ӯша иллат ва кейин кун бӯйи истиғфор айтиш билан ӯтяпти. Ҳар қанча турли сақаланиш сабабларини ишга солсам ҳам барибир ӯшанга рӯбарӯ бӯляпман. Шариат рӯза тутишга буюрган экан. Лекин руҳий касаллигим бор, асабиӣлашиш мумкинмас. Рӯза тутсам асабиӣлашаман. Жуфти ҳалол топиш яхши ечим бӯлиши мумкин. Лекин менга ҳечам тӯғри келмайди. Руҳий касаллигим борлиги, оломон олдида баъзан ӯзимни йӯқотиб қӯяман, шаҳримда шармандам чиққан одамман, яна баъзи-баъзида юришим ӯзгаради(аёлларни юришига ӯхшаб кетади). Қайси эс-ҳуши жойида бӯлган қиз бундай «йигитга» турмушга чиқади. Сиз ҳам бундай инсонга қизингизни ишониб топширмайсиз-ку. Тӯғри-ми?! Соғлигим сабаб тайинли иш ҳам тополмаяпман. Отам ҳам уйланишимга қарши. Оилавий можаро, инжиқликларни кӯтара олмасам керак. Қийин аҳволда қолиб кетдим. Аллоҳдан ҳам узоқлашиб кетдим. Жинсий аъзоларимни таг-туги билан олдириб ташласалар ҳам майли эди. Лекин шариатимиз бунга ҳам рухсат бермайди. Излаш хизматидан фойдаландим. Ҳеч нарса таъсир қилмаяпти. Бунақада бориб-бориб ҳайвондан ҳам фарқим қолмайди. Ҳаётимнинг қизиғи ҳам қолмади. Қандай қилиб бу ҳолатдан чиқишим мумкин?
Javob:
Javob:
– Ва алайкум ассалом! Барча гап сизнинг нафсингизда. Нафсингиз енгилмас экан, сизни турли кўйларга солаверади. Ўзингизни касал деб ҳисоблашингизга ҳам, хилватда гуноҳга қилишингизга ҳам, рўза тутсангиз ёки ишласангиз асабийлашишингизга ҳам сабабчи шу нафсдир. Ўзингизни қўлга олинг. Ичингиздаги бу душманингизни таниб олинг. Унинг хоҳишлари ва шариат буйруқлари ўртасини ажратиб олинг. Ҳаргиз унинг хоҳишларига, васвасаларига итоат қилманг. “Руҳий тарбий” китобини олиб ўқисангиз, бу борада кўпроқ маълумотлар топасиз.
Нафс нима учун яралган?
Нафс десак, аввало инсонни гуноҳу маъсиятга етакловчи салбий маънодаги ҳою ҳаваслар, шаҳватлар, эҳтирослар ёдимизга келади. «Нафсим менинг балодир, ёнган ўтга солодур», «Нафси ёмон ҳайитда ўлибди» дейди доно халқимиз. Қачон бир гуноҳ ҳақида гапирсак, «нафсига эргашиб, шу ишни қилибди», «нафсингни жиловла, гуноҳ қилмас», деймиз. Шунинг учун хаёлимизда нафс бизни доим ёмон ишга, гуноҳга чақириб турадиган нарса деган тасаввур шаклланиб қолган.
Аслида эса, чуқурроқ ўйлаб кўрсак, бизни йўлдан урган нарса нафс эмас, шайтондир. Шунда ҳам шайтон бизнинг қўлимиздан судраб бориб, гуноҳ қилишга мажбур қилмайди. Унинг иши гуноҳга васваса қилиш, холос. Гуноҳни ўзимиз қиламиз. Шундай экан, «шайтон йўлдан уриб, гуноҳ қилдим» эмас, «шайтон васваса қилган эди, унинг васвасасига учиб, йўлдан урилиб, гуноҳ қилиб қўйдим» десак, тўғрироқ бўлади.
Аммо бир ўйлаб кўрайлик-чи, бизни нафс йўлдан урадими ёки шайтонми? Агар шайтон йўлдан урса, нафснинг гуноҳдаги иштироки қандай?
Масаланинг яна бир томони борки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир ўринда нафсни “Албатта , нафс ёмонликларга буюрувчидир” (Юсуф сураси) деса, бошқа ўринда гуноҳ қилган одамни маломат қиладиган нафс ҳақида ҳам сўз юритиб, уни «нафси лаввома» деб атайди. Биз одатда виждон деб атайдиган нафс ҳам бор эканки, у инсонни тергаб, ёмон иш қилса, танқид қилиб, маломат қилиб турар экан. Яна бошқа бир ўринда эса, “Аннафсул мутмаиннаҳ” деб уни мақтаган ҳам. Хўш, бу қандай нафс? Агар у бизни гуноҳ туфайли маломат қилса, бундан чиқди, жуда унчалик ёмон нарса ҳам эмас экан-да? Ёки нафснинг ҳам яхшиси ва ёмони бўлармикин?
Бу жумбоқнинг ечими шу қадар теран маъноли, шу қадар улкан аҳамиятли эканки, у ҳақда батафсил тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Чунки нафснинг асл моҳиятини тушунишга ҳаракат қилсак, нафақат нафс ҳақидаги, балки умуман бу дунёдаги ҳаётимиз, феъл-атворимиз ҳақидаги тасаввурларимиз остин-устин бўлиб кетиши мумкин экан.
Нафсга лаззат бўлса бўлди
Уламоларимизнинг айтишича, нафс фақат ёмон ишларга, гуноҳларга интилувчи, инсонни маъсиятга етакловчи нарса эмас экан. Унга лаззат бўлса кифоя экан, холос. У лаззатхўр нарса. Эътибор беринг, нафс – лаззатга интилувчи ғариза экан. Унга ҳар қандай бўлса ҳам, лаззат, ҳузур-ҳаловат бўлса кифоя экан. Масаланинг энг қизиқ жойи ҳам шу ерда. Чунки лаззат деганда ҳозирги кунда фақат маиший, моддий лаззат тушуниладиган бўлиб қолган. Шунинг учун нафс деганда инсонни ёмон йўлга бошлайдиган лаззатлар эсимизга келади. Аммо мўмин-мусулмон инсон фақат таомда, ичимликда, шаҳватда эмас, балки тоат-ибодатдан ҳам лаззат олади. Мўмин одам Аллоҳ таолонинг биру борлигини, чексиз қудратини тафаккур қилса, У Зотга иймон келтирса, сиғинса, юкинса, намоз учун покланиб, жойнамозга турса, пешонасини саждага қўйиб, ўзининг нақадар ожизу нотавонлигини, Роббининг нақадар азизу улуғворлигини, Аллоҳ таолодек паноҳи, мададкори, ҳимоячиси борлигини ҳис қилса, У Зотга бандалик қилаётганидан, У Зот рози бўладиган амаллар қилаётганидан қалби ҳаловат топади, чинакам лаззат топади. Бу лаззатнинг, бу ҳаловатнинг таърифига тил ожиз, қалам нотавон.
Демак, нафс фақат еб-ичишдан, шаҳватдан, ясан-тусандан, шуҳратдан, ҳукмронликдан, бойликдан, куч-қудратдангина эмас, балки тавбадан, тазаррудан, тоат-ибодатдан ҳам лаззат олар экан. Юқорида айтганимиздек, унга лаззат бўлса бўлди экан.
Тасаввуримизни, дунёқарашимизни остин-устин қилиб юборадиган нуқта мана шу ерда. Модомики нафс фақат лаззатга интилар экан, демак, Аллоҳ таоло бу неъматни бизга уни тўғри, ҳалол, муносиб йўл билан қондириш учун ато этган экан. Демак, нафс аслида ёмон нарса эмас экан. Агар биз нафсимизни уни ато этган Роббимиз кўрсатганидек тўғри тарбияласак, уни ҳалол неъматлардан лаззатланишга ўргата олсак, бу нафс бизни гуноҳ-маъсиятга эмас, тоат-ибодатга, ёмонликка эмас, эзгуликка ундайдиган гўзал, зарофатли бир хилқатга айланар экан. Аллоҳ асрасин, агар биз уни асл моҳиятини тушунмай, моддий, маиший, ўткинчи нарсалардан лаззатланишга ўргатиб қўйсак, сўзимизнинг бошида айтилган ёмон нафсга, баднафсга айланиб қолар экан. Аксинча, нафсимизни чинакам, илоҳий лаззатга ўргатсак, бу ҳақиқий лаззат қаршисида дунёнинг ўткинчи ҳою ҳаваслари, зебу зийнатлари унинг учун арзимас нарсага айланиб қолар экан.
Бу тушунчаларни илк бор ҳис қилар эканмиз, бугунги кунимизга минг афсус-надоматлар билан қараймиз. Чунки биз бу дунёда инсонни ёмон йўлга бошлайдиган нарса нафс, деб ҳисоблар эдик. Аслида эса биз инсоннинг нафсини тоатдан эмас, беҳуда нарсалардан лаззатланишга ўргатиб қўйиб, яна уни ўзимиз айблаб юрган эканмиз.
Ҳа, қанчалар аччиқ бўлмасин, тан олишимиз керакки, биз нафснинг асл моҳиятини, унинг хусусиятларини билмаганимиз, бу борада маърифатимиз йўқлиги боис, уни асл мақсаддан бошқа томонга буриб юборганмиз.
Аслида нафс тарбиясини инсоннинг ёшлигидан бошлашимиз, уни тоат-ибодатдан ҳам, бошқа ҳалол-пок неъматлардан ҳам лаззатланишга баравар ўргатишимиз, бироқ ибодатдан лаззат олишга алоҳида урғу беришимиз, болани бунга рағбатлантиришимиз лозим экан. Бунинг учун эса бу борада унга ўзимиз шахсий ўрнак бўлишимиз керак, чунки бола биз нимадан хурсанд бўлиб, нимага хафа бўлганимизни ҳушёрлик билан кузатиб туради ва тегишли хулоса чиқариб, беихтиёр бизга эргашади. «Фарзандларингизни тарбиялаб овора бўлманг, улар барибир ўзингизга ўхшайди. Сиз ўзингизни тарбия қилинг» деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган.
Ибодатдан лаззатланиш тарбияси
Аслида биз болани аввало ростгўйликдан, ҳалолликдан, мардликдан, сахийликдан лаззатланишга ўргатишимиз керак экан, бир иш буюрсак, уни қилгани учун бирор ширинлик ёки буюм эмас, ажру савоб ваъда қилишимиз керак экан. Бирор ножўя иш қилиб қўйса, уни пулдан, ширинликдан, телевизор кўриш ёки компьютер ўйнашдан, бирор томошага боришдан маҳрум қилиш ўрнига, бу иши Аллоҳ таолога хуш келмаслигини, бир одамга ёки кўпчиликка азият етказишини айтиб, уни ўйиндан қолганидан эмас, хато ишдан афсус чекишга, айбини ювишга ўргатишимиз керак экан.
Биз-чи? Биз шундай қиляпмизми?
Афсуски, йўқ. Аксинча, ўткинчи лаззатни, бир буюм ёки бир ўйин-кулгини фарзандимизнинг асл мақсадига, энг катта орзусига ўзимиз айлантириб қўйяпмиз экан! Бир иш буюрсак, ҳали конфет, ҳали музқаймоқ ваъда қиламиз, оқибатда бола ҳар бир ишни қандайдир лаззат, ҳузур-ҳаловат илинжидагина қилишга ўрганиб боради. Бирор хато қилса, яна ўша конфетдан, ўйинчоқдан маҳрум қиламиз. Оқибатда бола ўша хатони қилмаслик эмас, лаззатдан маҳрум бўлмаслик пайидан бўлиб қолади.
Бундан ҳам ачинарлиси шуки, баъзан мурғак бола нафси учун чинакам, асл лаззат боиси бўлган ибодатларни мана шу арзимас лаззатларга восита қилиб қўямиз: «мана шу сураларни ёдласанг, телефон олиб бераман», «ҳарфларни ёдлаб бўлсанг, музқаймоқ олиб бераман» ва ҳоказо. Ҳар бир инсоннинг, ўз фарзандимизнинг икки дунёдаги бахт-саодатига восита бўладиган илмни, ибодатни арзимаган ширинликка восита қилиб қўяр эканмиз. Оқибатда бола тоат-ибодатдан ҳам қандайдир моддий натижани, маиший лаззатни мақсад қиладиган бўлиб қолмайдими? Аллоҳ асрасин.
Аслида биз нафс тарбиясини шундай олиб боришимиз керак эканки, фарзандимиз мактаб деразасининг ойнасини синдириб қўйса, ўқитувчи бу ишни ким қилганини сўраганда айбини тан ола олсин. Уйга келганда эса «Дада, ойнани синдириб қўйган эдим. Уни ҳеч ким кўрмаган эди. Ўқитувчимиз буни ким қилганини сўраганда индамасам ҳам бўларди, лекин сиз ўргатганингиздек, мен қилганимни айтдим. Эртага янги ойна солиш учун фалон сўм олиб боришим керак экан» дея олсин. Биз ҳам унинг бу ишини мақтаб, «Баракалла, ўғлим. Тўппа-тўғри қилибсан, бошингга қилич келса ҳам рост гапир. Бу ишинг ҳақиқий ўғил боланинг, ҳақиқий мусулмоннинг иши бўлибди. Ўқитувчингдан узр сўраб, мана бу пулни бериб қўй» дея олайлик. Ана шунда боланинг нафси ҳеч кимга кўрсатмай айб иш қилиб, уни усталик билан яширганига эмас, хатосини тан олиб, рост гапирганига хурсанд бўлади. Уни кўриб, бошқа болалар ҳам унга ўхшашга ҳаракат қилишади. Ана шундагина мурғак қалб ибодатдан лаззатланишга ўрганади.
Шу каби кичик-кичик воқеалардан, чизгилардан нафсдан аввало Аллоҳ таолонинг ибодатидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдан лаззатланадиган комил инсон сиймоси шаклланади. Биз мана шу юксак мақомга етишишга интилсак, фарзандларимизни шу манҳажда тарбиялай олсак, бугунги кундаги кўплаб муаммоларимиз ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Қанийди ўз нафсимизни, фарзандларимизнинг, ёш авлоднинг нафсини аввало тоат-ибодатдан лаззат олишга ўргата олсак! Агар Аллоҳ таоло бу улуғ неъматни насиб қилса, бу бахтиёр инсонлар дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларига алданмас, азалдан белгиланиб, кафолатланган ризқни деб, тоат-ибодатдан чалғимас эдилар. Бу дунёнинг барча лаззатлари улар учун оддий кундалик эҳтиёж, маиший зарурат даражасидан ортмас эди. Улар ибодатдан ҳам, таомдан ҳам, бошқа неъматлардан ҳам баравар баҳраманд бўлишар, аммо иймон ҳаловати, ибодат лаззати улар учун қолган барча нарсалардан афзал бўлар эди. Агар нафсимизни тўғри йўл билан, асл мақсад йўлида қондиришни ўргансак, орадан кўп ўтмай, бугунги умматдан ҳам имом Бухорий, имом Термизийлар, Замахшарий, Хоразмий, Берунийлар етишиб чиқади, иншааллоҳ.
Зеро, бу буюк зотлар нафс тарбиясида пешқадам бўлишган, уларнинг нафси илм ва ибодатдан шундай лаззат олганки, бундай лаззатни бошқа неъматлардан топа олмаган. Ибодатдан, Аллоҳ таолони танишдан, У Зотни зикр қилишдан лаззат олишнинг энг олий намунасини эса тасаввуф машойихларимизда кўришимиз мумкин. Валлоҳу аълам!
Savollarga javoblar
Гуноҳдан ӯзини тӯхтата олмаслик