Гилос-творогли пирог
Эътиборингизга нозик ва жуда ҳам мазали пирог рецептини тақдим этамиз. Таомнома учун янгилик. Тайёрланиши оддий, натижаси дастурхон даврасида барчани лол қолдириш билан бирга чинакам лаззатланишни тақдим этади. Ушбу рецептни албатта тайёрланг!
Керакли масаллиқлар:
- 200 грамм ун
- 100 грамм сарёғ
- 1 ош қошиқ + 150 мл қаймоқ
- 1 ош қошиқ + 150 грамм шакар
- Бир чимдим туз
- 200 грамм гилос
- 200 грамм творог
- 1 дона + 2 дона тухум
- 1 чой қошиқ ванилин
- 1 ош қошиқ крахмал
Тайёрлаш усули:
1. 1 дона тухум, 1 ош қошиқ шакар, бир чимдим туз, 1 ош қошиқ қаймоқни бирлаштиринг ва венчик ёрдамида кўпиртиринг.
2. Эритилган сарёғни қуйинг ва кўпиртиришда давом этинг.
3. Унни қўшинг, юмшоқ ва чўзилувчан хамир қоринг.
4. Ёғ суртилган пишириш қолипига хамирни деворлари бўйлаб ёйинг. Сўнг, 30 дақиқага музлатгичга қўйинг.
5. Бу вақт мобайнида пирог асосини тайёрланг. Блендер идишига творог, қаймоқ, тухум, шакар, ванилин, крахмални солиб, бир хил масса ҳосил бўлгунга қадар кўпиртиринг.
6. Гилос данакларини ажратинг, ювинг ва ситога солинг. Ортиқча суви ажралиши учун.
7. Пишириш қолипидаги хамирга тайёрланган творогли асосни солинг ва текисланг.
8. Творогли асос устидан гилос мевасини териб чиқинг. 180 даражада қиздирилган газ печида 45-55 дақиқа давомида пиширинг.
9. Белгиланган вақт ўтиб, тайёр пирогни бутунлай совутинг. Сўнг, дастурхонга тортинг.
Ёқимли иштаха!
Пазандалик, Ширинликлар
Гилос-творогли пирог