Витр намози
Савол: Витр намози қандай ўқилади ва у неча ракат?
Жавоб: Витр 3 ракат бўлиб, Ҳуфтондан кейин ўқилади, ундан олдин жоиз эмас. Ким витр ўқимоқчи бўлса намозни бошлаш учун такбир айтади, сўнг “Сано” “Тааввуз” “Басмала” “Фотиҳа” ва зам сураларни ўқийди. Сўнгра руку ва икки бор сажда қилади. Кейин иккинчи ракатга туради ва бошқа намозлар каби давом эттиради. Сўнг ўтириб ташаҳҳуд ўқийди ва учинчи ракатга туради. Унда “Фотиҳа” ва зам сура ўқийди ва қироатдан фориғ бўлгач қулоқларига қўлларини кўтариб такбир айтади, сўнг “Қунут” дуосини ўқийди. “Қунут”ни ўқиб бўлгач такбир айтиб руку қилади ва учинчи ракатни бошқа намозлар каби тамомлаб қўяди.
С: Витрнинг ҳар бир ракатида Фотиҳа ва зам сура ўқийдими?
Ж: Ҳа, ҳар ракатда у иккисини ўқийди.
С: Витрда суннатда келган қироат борми?
Ж: Ҳа, биринчи ракатда Фотиҳадан кейин “Аълаа” сурасини, иккинчи ракатда “Кафирун” сурасини, учинчи ракатда эса “Ихлос” сурасини ўқиш суннат ҳисобланади. Баъзи ривоятларда охирги ракатда “Ихлос” сураси билан “Муаввизатайн”ни (Фалақ ва Нос суралари) қироат қилиш ҳам ворид бўлган.
С: Қунутни жаҳрий ўқийдими махфийми?
Ж: Имом бўлсин, иқтидо қилувчи бўлсин ёки якка ўқувчи бўлсин фарқи йўқ — махфий ўқийди.
С: Витр жамоат билан ўқиладими?
Ж: Ҳа, витрни Рамазоннинг ҳар кечасида таровеҳ намозидан кейин жамоат билан ўқиш суннат.
С: Агар витрда имомлик қилса қироатни жаҳрий қиладими?
Ж: Ҳа, имом витрнинг уччала ракатида қироатни жаҳрий қилади.
С: Витрдан бошқа намозда ҳам “Қунут” ўқиладими?
Ж: Витрдан бошқа намозда қунут ўқилмайди. Фақат, мусулмонларга кулфат етганда ўқиш жоиз, бунда (яни витрдан бошқа намозда) рукудан кейин тик турганда қунут ўқилади, имом мусулмонлар фойдасига ва кофирларга қарши дуо қилади.
Ислом
Витр намози