Вадуд Маҳмуд (1898-1976) to’liq malumot oling
Вадуд Маҳмуд 1898 йилда Самарқанд округининг Юқори Дарғам туманига қарашли Тайлоқ қишлоғида таваллуд топган. Отаси Маҳмуд Пирмуҳаммад имом бўлган (1905 йили вафот этган). Онаси Анбара (1934 йили вафот этган) эса уйда болалари тарбияси билан шуғулланган. В. Маҳмуд дастлаб Самарқандда Абдуқодир Шакурий мактабида, сўнгра Уфадаги Олия мадрасасида (1917-1918), Самарқанд педкурсида (1918), Москвадаги В. Брюсов номли Олий Адабиёт институтида (1925-1926) таҳсил олган. Тошкентдаги САГУнинг иқтисод факультетига (1923 й.) эркин тингловчи сифатида қатнаган. Айни чоғда, В. Маҳмуд 1919—1925 йиллар орасида ўқитувчилик ҳам қилган, Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида маориф бошқаруви соҳасида фаолият кўрсатган.
1926-1927 йиллари «Маориф ва ўқитғувчи» журналида муҳаррир ёрдамчиси, 1926-1929 йилларда ТажГИЗда таржимон ва дарсликлар тузувчи бўлиб ишлаган.
У 1930 йили шўро тузумига қарши тарғиботчиликда айбланиб қамоққа олинади, учлик қўмитасининг қарори билан уч йилга қамалади. Қатағон даври туҳматларига дуч келган В. Маҳмуд Архангельск вилояти Каргопольлага қамоқхонасида 1937 йил 18 августидан 1954 йил 26 январигача ҳибсда сақланади. 1960 йилда тўла оқланади.
В. Маҳмуд фаолиятининг маълум бир қисми Тожикистон Республикаси Фанлар акадеияси Рудакий номидаги Тил ва адабиёт институти билан боғлиқ. Шу даргоҳда илмий ходим бўлиб ишлаган В. Маҳмуд «Фарҳанги забони тожики»ни тузишда қатнашади, мумтоз шарқ шеърияти тадқиқи билан шуғулланади, хотиралар ёзади. 1976 йилда вафот этган.
Адабиёт майдонига Самарқанд адабий муҳити орқали 20-йиллар арафасида кириб келган Вадуд Маҳмуд бу жараёнга жуда фаол аралашади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Васлий, Сиддиқий Ажзий, Садриддин Айний, Ҳожи Муин, Абдурауф Фитрат ва Тамҳид Самарқандий сингари муҳаррир, шоир ва муаллимлар муҳитида тарбия топади, таълим олади, шаклланади. Унинг адабий-танқидий, публицистик мақолалари «Камбағаллар товуши», «Зарафшон», «Туркистон», «Инқилоб», «Маориф ва ўқитғувчи», «Ер юзи» каби газета ва журналларда «Вов», «В.М.», «Вадуд Маҳмудий», «Вадуд Маҳмуд ўғли» каби имзолар билан мунтазам нашр қилиниб турган. В. Маҳмуд мумтоз шарқ адабиёти намояндалари, мавжуд адабий жараён хусусида «Чўлпоннинг «Булоқлар»и» (1923), «Ҳинд ихтилолчилари» (1923), «Турк шоири Ажзий» (1924), «Адабий танқидга бир назар» (1924), «Алишер Навоий» (1925), «Фузулий Бағдодий» (1925) каби қатор қимматли мақолалар ёзган.
В.Маҳмуднинг фаолиятини зимдан кузатиб юрган сиёсий бошқарма ходимлари 1930 йил 17 август куни унинг уйида тинтув ўтказиб, қамоққа оладилар. Унга «миллатчилик, аксилинқилобий ташкилот фаолияти ҳақида давлат ташкилотларига хабар бермаганлик, баҳоизм билан шуғулланганликда» айб қўядилар. ОГПУ ҳайъати қошидаги махсус кенгаш 1931 йил 3 октябрда уч йил меҳнат тузатиш лагерларида ва қўшимча равишда яна уч йил мобайнида Қозоғистонда ишлашга мажбур қилади. У уч йил Тошкентда ҳибсда бўлгач, Олмаотага сургун қилинади. 1936 йил охири — 1937 йил бошларида сургундан қайтиб келади. Лекин орадан йил ўтмай, 1937 йил 18 августда «Миллий иттиҳод»нинг фаол аъзоси, ўтмишда аксилинқилобий, миллатчилик ташвиқоти олиб борганлик, машҳур миллатчи Исмоил Садрий билан алоқадорликда» айбланади ва 10 йилга Архангелск вилоятидаги Каргопол тутқунгоҳига сургун қилинади. 1944 йили мазкур тутқунгоҳда у маҳбуслар орасида баҳоизмни тарғиб қилди, деган айб билан яна 10 йилга ҳукм қилинади ва муддатни 1959 йили тугатиб, Самарқандга қайтиб келади.
Biografiya
Вадуд Маҳмуд (1898-1976)