Байроқ ҳақида сара шерлар тўплами узбекча шеър
Ўзбекистон байроғи
Кўкда ҳилпирар мағрур, Ўзбекистон байроғи
Дилларга солар ғурур, Ўзбекистон байроғи
“Ўз байроғим” деб халқим, дилда қилар ифтихор
Ундаги ҳар бир рангнинг, ўз рамзи, маноси бор.
Иқбол Мирзо: Ўзбекистон байроғи
Қалбимиз тўла сурур,
Тўтиё юрт тупроғи,
Ҳилпираб турар мағрур,
Ўзбекистон байроғи.
Ранги ҳаёт мисоли,
Юлдузлари ҳилоли,
Мустақиллик тимсоли,
Ўзбекистон байроғи.
Ифтихор дилимизда,
У йўлдош йўлимизда,
Юксалар қўлимизда,
Ўзбекистон байроғи.
Гумбазларда, юксакда,
Пештоқларда, фалакда,
Кўнгилларда, юракда,
Ўзбекистон байроғи.
Ранги ҳаёт мисоли,
Юлдузлари ҳилоли,
Мустақиллик тимсоли,
Ўзбекистон байроғи.
Абдулла Орипов: Ўзбекистон байроғи
Ҳар қандай лашкарнинг ҳам
Ўз туғи, ялови бор,
Сен қайси салтанатдан,
Сен қайси давлатдан кам.
Қўрғонлар қаторида
Бир қўрғонсан устувор,
Валламат, тоғдор юртим,
Муҳташам республикам.
Ўйлама, ҳа, оламда
Насибий эрур кўп ҳолат,
Замона ғалвиридан
Ҳар нарса ўтаверар.
Тарих учун ва лекин
Ким ҳам бергай кафолат,
Якка инсон бир йўлчи:
Келару кетаверар.
Қадим-қадим замонда
Юнонлик ҳайкалтарош,
Бир санат яратибди,
Мақсади – бир бурда нон.
Ҳайкал эса асрлар
Синовига бермиш дош,
Бугун уни кўкларга
Кўтарар буткул жаҳон.
Кўзни каттароқ очиб
Боқсанг бу муаммога,
Алам қилгулик қадар
Кам яшар инсон зоти,
Фақатгина халқ соҳиб
Бардавом бу дунёга,
Асрагай ҳар кас номин
Фақат халқнинг ҳаёти.
Санасанг ҳодисот мўл
Ўзбекнинг тарихида,
Ҳар бирига бир нома
Ёки достон битгулик.
Не зотлар оқмаган бу
Асрлар ариғида,
Ҳар бири битта халқнинг
Ғурурига етгулик.
Барчага аён эрур
Мен айтган ушбу гаплар,
То ҳануз асабларни
Эзғилар бу шум ўтмиш.
Мозийга ўқтин-ўқтин
Сочсак ҳамки ғазаблар,
Лекин айтинг, ўзбекнинг
Қўлидан ким ҳам тутмиш?
Бир куни ёвқур шоир
Яни Турди Фарғоний,
Бўлтак бўлган бу халққа
Бирлаш деб қилди хитоб.
Бежавоб қолаверди
Унинг дарди сўроғи,
Ўша-ўша замин кар,
Ўша-ўша гунг офтоб.
Бугун зимдан назар сол
Сен мана бу байроққа,
Майлига бир дақиқа
Унутгин турфа кекни.
Шу байроқ номимизни
Элтди йироқ-йироққа,
Шу байроқ бирлаштирди
Пароканда ўзбекни.
Ҳилпирайвер байроғим
Байроғимиз тўрт рангда,
Қизил, яшил, мовий, оқ
Менга оқ ранги ёқар,
Ҳаммасидан ҳам кўпроқ.
Оқ ранг инсонларга хос,
Одил, софлик белгиси
Яшил ранги Ватаннинг
Қир-адрлар кўзгуси.
Қизил ранги ҳам инсон,
Томирида оққан қон.
Мовий ранг ўлкадаги
Кўм-кўк мусаффо осмон.
Ўн икки юлдуз асли,
Вилоятлар рамзидир.
Бу байроқ Ватанимиз
Чиройидир, фахридир.
Ўзбекистон рамзлари
Бобом уқтирган такрор
Истиқлол бу – бахт, дея.
Озод Ватан рамзи бор:
Байроқ, герб ва мадҳия.
Бугун дадам берар дарс
Асрамоғинг шарт, дея,
Рамзлар ҳам муқаддас:
Байроқ, герб ва мадҳия.
Миллат байроғи
Қора ўтмиш қолди ортда,
Дориломон кунлар юртда,
Меҳр-кўзда, муҳаббатда,
Порла, Миллат байроғи!
Осмон тўла юлдуз-оппоқ,
Бир-биридан чақноқ бироқ,
12 си энг ярқироқ,
Порла, Миллат байроғи!
Мангулик ҳур йўлидасан,
Ўнгидасан, сўлидасан.
Озод халқнинг қўлидасан
Порла, Миллат байроғи.
Қўлимда байроқ
Мовий, яшил, оқ,
Қўлимда байроқ,
Югураман шод,
Ватанда озод!
Шамолда ғир-ғир,
Ҳилпирайди ҳур.
Дилим шошади,
Завқим тошади.
Она табиат
Ва жўшқин ҳаёт,
Мусаффо осмон,
Томиримда қон.
Пок орзуларим,
Жам бўлган бари.
Бошла маёғим
Ватан байроғи!
Ҳилпилла байроғим!
Еллар-ла ҳилпилла, байроғим,
Виқор-ла силкилла, байроғим!
Қулама, йиқилма, эгилма,
Оламга қут ула, байроғим!
Ватан байроғи
Соғинсак боқамиз
Мовий рангини
Юлдузлар эслатар
Ўз осмонимизни
Ой ҳам янгидан
Байроққа пайванддир
Бизнинг жонимиз
Бунда ҳинду араб
Ҳатто бор ҳакас
Ўзбекистон десак
Қилишар ҳавас
Фарангу олмондан
Дўстларим талай
Менинг бўйларим ҳам
Ундан кам эмас
Биламан дунёда
Ватанлар кўпдир.
Ҳар бирин ўз ёри
Бордир ўз номи.
Жўмарддан деганинг
Армони йўқдир,
Байроқдан бошланса
Ватан саломи
Балки бу сўзларим
Содда, одмироқ
Этибор бермаймиз
Базан ўзимиз
Байроғимиз доим
Биздан жидинроқ
Дунёга танитар
Ёруғ юзимиз.
Юртим байроғи
Бошим узра ҳилпирайди байроғим
Сенга боқсам чақнар кўзим қароғим.
Мовий, яшил, оппоқ эрур ранглари
Қизил чизиқ томирдаги қонлари.
Осмонимиз бўлсин мовий мусаффо
Пойи узра яшил водийлар пайдо.
Оппоқ қорлар рангларини яшнатиб,
Ой юлдузлар шуласини порлатиб
Ҳилпирайвер она юртим байроғи
Сен эрурсан юракларнинг ардоғи.
Ўзбекча байроқ!
Ватан сиймосини ифода этиб
Кўкда ҳилпирайди ўзбекча байроқ
Ҳилол ой юлдузлар ва тўртта ранги
Мовий, қизил, яшил ҳамда оқ.
Ҳарбири ўзгача мано касб этиб
Ғурур ифтихорла тилга киради.
Ўзида яширин сирли ҳилқатни
Навбатма навбат очиб беради.
Мовий ранг тириклик яшаш имкони
Беғубор осмон–у ҳалоллик рамзи
Агарки билсангиз шу рангда эди
Темур давлатининг байроғи ранги.
Садоқат яширин унда бегумон
Шон шухрат яхшилик бари жамулжам
Унда тавоф айлаб кўзларга суртсак
Дунёлар ичида бўлмасмиз ҳеч кам.
Оқ рангда акс этган поклик ва софлик
Орзу ва хаёллар чарағонлиги
Тинчликдай муқаддас қўрғонимиз у
Ўзбекистондек юртим фаравонлиги.
Коинот юртидай заминимизни
Меҳрдан ёғилар қалбларда чироқ
Меҳрла асрасак ўз элимизни
Солди нар ғанимлар қалбига титроқ.
Яшил ранг уйғониш яшариш демак
Яшиллик ярашар гўзал бўстонга
Навқирон умидли шодумон ёшлар
Тимсоли кўрк берар Ўзбекистонга.
Байроғимда
Ватаним шон-шуҳрати,
Салоҳият, қудрати,
Мустақиллик нусрати
Акс этган Байроғимда,
Байроғим – кўз қароғим-да.
Рангларининг маноси,
Халқнинг руҳи, навоси,
Ўзбекистон ҳавоси –
Акс этган Байроғимда.
Байроғим – кўз қароғим-да.
Мен шу Ватан эркаси,
Мен шу Ватан эртаси.
Алпқомат елкаси –
Акс этган Байроғимда,
Байроғим – кўз қароғим-да!
Бир байроқ остида
Ҳурликни улуғлаб ҳилпирар мағрур
Ўзбек ифтихори ватан байроғи
Яшайди миллатлар дўст-иноқ масрур
Саждагоҳ макондир олтин тупроғи.
Карвонин бошлайди довюрак сарбон
Муродли манзилга азиз халқини
Кўрсам дер юртини жаннатий макон
Бағишлаб элига умри қалбини.
Кечди бу заминдан Мангубердилар
Кубролар, Темурлар шавкати-шони
Бир байроқ остида бирлашди эл-юрт
Бир байроқ остида яшнади замон.
Истиқлолдан кейин аждодлар туғин
Янгиладик не тонг эрк бўлди қаров
Балқди тантанавор бошимиз узра
Халқимиз тимсоли миллий бир ялов.
Мўтабар байроғим
Байроқдаги 4 хил ранг
Ҳамоҳангдир бирликда
Бир-бирини тўлдирар
Мақсад сари тенгликда.
Ҳаво ранг тинчлик демак
Оқ – рангдир поклик рамзи
Яшил – яшнагайдир эл
Қизил ранг ҳаёт рамзи.
Юлдузлар доим сирли
Маноларни сўзлайди
12 юлдуз 12 ой
тарихдан сўзлайди.
Янги чиққан тўлин ой
Ҳар кўзни ўзга чорлар
Дуога очамиз қўл
Дилга нур, поклик солар.
12 бахт юлдузи.
Ўзига хўп ярашар
Унда дунё халқлари
Ҳавас билан қарашар.
Мустақил юрт деб атар
Ер юзининг ҳар ёғи
Бизга жуда мўтабар
Ўзбекистон байроғи.
Байроғимиз дунё узра
Халқим орзу нияти
Дилга қувонч солади
Байроғимиз дунё узра
Юртга довруғ солади.
Байроқ рангларига шер
Оқ ранг:
Мен-чи оқ ранг бўламан
Вазифам – доим тинчлик
Тимсолим – софлик, поклик
Орзу ва хаёллар билан
Интилишим ички гўзаллик.
Мовий ранг:
Мен мовий ранг бўламан
Байроқдан жой олганман,
Тириклик, мангу осмон
Обиҳаёт рамзиман
Донишмандлик, ҳалолликни
Яхшилик садоқатни
Ўзимда акс этганман.
Амир Темур руҳини
Доимо шод этгайман.
Яшил ранг:
Байроқдаги яшил ранг
Табиат янгиланиши
Кўпгина халқларда эса
Умид ва шодумонлик.
Қизил чизиқ:
Қизил чизиқлар эса
Вужудда оқаётган
Ҳаётий ирмоқларни
Жўшишидан берар дарак.
Ой:
Мен билан тарих боғлиқ
Айни пайтда эса мен
Сизларга муҳим боғлиқ
Мустақиллик рамзи ҳам.
Юлдуз:
Ўзбек халқи қадимий
Маданият бешиги
Тупроғида саодат
Комилликдир эшиги.
Истиқлол байроғи
Она юртим жон юртим
Ҳур Ўзбекистон юртим
Истиқлол байроғини
Ўпиб юзимга суртдим.
Шерлар
Байроқ ҳақида сара шерлар тўплами узбекча шеър