Аҳли жаннат саййидлари

Аҳли жаннат саййидлари

Аҳли жаннат саййидлари

Аҳли жаннат саййидлари

Расулуллоҳ сирлари
Ҳафса бинти Умар ҳазрати Умарнинг (р.а.) қизлари эди. У Расули акрамнинг (с.а.в.) саҳобаларидан Ханийс ибн Хузома ас-Саҳмийнинг хотини эди. У Мадинада вафот топди ва Ҳафса тул қолди. Шунда Умар ибн Хаттоб (р.а.) қизини хайрият аҳлларидан бирортасига хотин қилиб беришни ўйлаб қолди. У биродари Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳузурига бориб, тул қолган қизини хотинликка олишини таклиф қилди.

Негадир ҳазрати Усмон бу таклифга унча рўйхушлик бермади. «Бироз ўйлаб кўрайин», деган мавҳумроқ жавобни қилди. Ҳазрати Умар (р.а.) бир неча кун кутиб тоғати тугади. Шунда ҳазрати Усмоннинг (р.а.) ўзи келиб учради ва: «Шу кунларда уйлана олмайман, шекилли, бунинг иложини тополмадим», деди.
Ҳазрати Умар (р.а.) унинг гапидан ҳафсаласи пир бўлиб, бошқа биродари Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) ҳузурига жўнади. Ҳазрати Усмонга айтилган таклиф унга ҳам етказилди: «Агар истасангиз, қизим Ҳафсани сизга никоҳлаб қўяман». Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ лом-мим ҳам демади, индамай бурилиб кетаверди.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир неча кун у кишидан жавоб бўлишини кутиб юрди. Аммо биродарлари ҳамон сукутда эди. Табиатан қизиққон Умарнинг (р.а.) бундан жаҳли чиқди, куюнди: «Қизимни тортиқ қилиб турсам-у бу одам ё «ҳа», ё «йўқ» демаса. Ҳатто Усмон каби бир тайинли жавоб қилмаса!»

Орадан бир кун ўтди. Ана шу муҳлат ичида Сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.) Ҳафсани сўраттириб қолдилар. Ҳазрати Умар (р.а.) жуда севиниб кетди: «Аллоҳнинг расули қизини сўраттирса, сен у зотга қайнота мақомига эришсанг, инсон учун бундан ортиқ шараф ва бахт борми?» Уларнинг никоҳини ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўзлари ўқиди.

Ана шундай масъуд кунларнинг бирида ҳазрати Умар (р.а.) дўстлари Абу Бакр Сиддиқни (р.а.) учратиб қолдилар. Абу Бакр Сиддиқ биродарига шундай дедилар:

– Ўшанда қизинг Ҳафсани менга хотинликка таклиф этганингда, нега лом-мим демай кетганим сабабини билганмисан? Назаримда, менинг бу қилиғимдан оғриниб, хафа бўлгансан ҳам. Аслида, бу таклифингга кўнмаганимнинг сабаби бор. Бир куни жаноб Расулуллоҳнинг ўз суҳбатларида Ҳафса ҳақида гапириб ўтганларидан хабардор бўлдим. Сарвари оламнинг бу ниятлари мени таклифингга кўнишимга монелик қилди.

– Нега бу гапларни ўшанда менга очиқ айта қолмадинг? – деб сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.).
– Чунки мен у зотнинг сирларини ошкор қила олмасдим-да! Борди-ю жаноб Расулуллоҳ қизингни олмаганларида, мен олган бўлардим, — деди ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) биродарига меҳр кўзи билан боқиб.

Ислом
Аҳли жаннат саййидлари