Ашурали Зоҳирий (1885-1937) to’liq malumot oling

Ашурали Зоҳирий (1885-1937) to’liq malumot oling

Ашурали Зоҳирий (1885-1937)

Таниқли маърифатпарвар, йирик тилшунос, луғатшунос, адабиётшунос олим, журналист ва таржимон, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Ашурали Зоҳирий 1885 йили Қўқон яқинидаги Ойим қишлоғида туғилган. У дастлаб Қўқондаги Мадалихон мадрасасида таҳсил кўради (1914), араб ва форс тилларини пухта эгаллайди, ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиётини ўрганади. Ҳар томонлама билим соҳиби бўлган А.Зоҳирий 1907 йилдан бошлаб рус-тузем мактабида, шунингдек, жадид мактабида ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. 1912—1919 йилларда эса педагогик фаолият билан бирга журналист сифатида ҳам қизғин иш олиб боради.

Қўқонда «Ғайрат» номли хусусий нашриёт ташкил этган. «Садойи Фарғона» (1916—21), «Фарғона» (1922—28) газеталарида адабий ходим бўлиб ишлаган. Вақтли матбуот саҳифаларида маърифатпарварлик мақолалари билан фаол иштирок этган.

1917—1918 йилларда Туркистон Мухторияти ҳукуматининг барпо этилиши А.Зоҳирий фаолиятига янгича йўналиш бағишлайди. У «Эл байроғи» газетасига муҳаррирлик қилиб, Мухторият ғояларининг кенг халқ оммаси ўртасида тарқалишига муносиб ҳисса қўшади.

А.Зоҳирий фаолиятининг 1917 йилдан кейинги асосий йўналиши маърифатпарварлик билан боғлиқ. У Қўқондаги биринчи дорилмуаллиминнинг ташкилотчиси ва дастлабки замонавий мактабларнинг муаллими сифатида Фарғона водийси учун кўплаб ўқитувчиларни етиштириб берди. У асос солган дорилмуаллимин кейинчалик педагогик техникумга айлантирилди. 1930 йили эса шу техникум базасида Фарғона давлат педагогика институти ташкил этилди.

У мактаб ўқувчилари учун «Туркий хрестоматия ёхуд терма китоб» дарслигини тузган (1912). Ўзбек тилида биринчи бўлиб бошланғич синфлар учун «Имло» дарслигини яратган (Қозонда нашр этилган, 1916). Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» ва «Вақфия» асарлари устида матншунослик тадқиқотлари олиб борган. «Муҳокамат ул-луғатайн»ни ҳуснихатда кўчириб (1916), Қўқонда Вайнер кутубхонасида чоп эттирган (1917). «Вақфия»ни ҳам нашрга тайёрлаган, лекин номаълум сабабларга кўра нашр этилмаган. «Русча-ўзбекча луғат» тузган (1925). Чўлпон билан ҳамкорликда «Адабиёт парчалари» тўпламини нашр эттирган (1926).

А.Зоҳирий эркпарвар ғоялари учун 1929 йил ноябрида ҳибсга олиниб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қамоқ муддатини тугатгач, аллома яна севимли касби — маърифатпарварлик билан шуғулланади. Аммо 1937 йилда қатағон бўрони авж олгач, у яна қамоққа олиниб, ўша йилнинг 4 декабрида отиб ташланади.

А.Зоҳирий қабрининг қаердалиги номаълум.

Biografiya
Ашурали Зоҳирий (1885-1937)