АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (1-қисм. Биринчи фасл)

АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (1-қисм. Биринчи фасл)

АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (1-қисм. Биринчи фасл)
АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (1-қисм. Биринчи фасл)

ШАРИФА

Куз келиши билан япроқларидан айрилиб, мен каби бошлари эгилган дарахтларга боқарканман, вужудим титраб, аламларим баттар жунбушга кела бошларди. Ер билан битта бўлган сарғиш хазонлар етимликда ўтган умримни ёдга солиб, асабий лаб тишлардим. Автобуснинг беланчак каби бир маромда тебранишига ҳам этибор бермасдим. Хаёлан ўгай отам Нурмат қоранинг совуқ нигоҳи, онам Жамила опанинг бир четда мунғайибгина туришини тасаввур этардим.

«Сира ишонгим келмайди, — ўйлардим ўзимча озғин гавдамни автобус суянчиғига ташлаб. — Нега Нурмат қора дафатан мени ўз ҳовлисида уйлантиришга рози бўлди? Шу кунгача мени кўришга кўзи, отишга ўқи бўлмаган одам нима учун бирдан бундай қарорга келди? Ким билсин? Балки онам йиғи-сиғи қилаверган бўлса, юмшагандир! Бувим, бобом-чи? Улар мени гўдаклигимдан катта қилишган. Ўқитишган, армияга кузатишган, кутиб олишган… Улар нега изн беришди?..

Эҳ, тоғам Норматнинг аҳмоқлиги ҳаммасини чалкаштириб юборди-да!.. У мени ҳайдаб солмаганда, бувижонимнинг ниятлари бир дунё эди. Каттакон тўй қилиб ўзи уйлантирмоқчи, орзу-ҳавас кўрмоқчи эди.

Афсус… Болалагимда тирик етим бўлганим етмай, улғайганимдан кейин ҳам бошимдан қийинчилик, азоб аримаяпти. Ҳеч қаерга сиғмайман. Қаерга бормай, ғурбат ҳукм суради… Шундай экан, нимага ўгай отам бундай қарорга келгани қизиқ. Уйланганимдаям, у бегона ҳовлида қандай яшайман? Бир умр Нурмат қорага ёқмай келган бўлсам. Мени кўрди дегунча қовоғидан қор ёғиладиган одам тўйдан кейин мен билан қандай муносабат юритади?..

Уф-ф… Бошим ғовлаб кетаяпти. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмаяпман. Майли, пешонамга ёзилгани-да! Шу кунгача не кунларни кўрмадим. Буёғига нимадан қўрқай?!.”

Тушга яқин автобусдан тушиб, йўловчи машина билан Хонбува маҳалласига — бувим Жаннат момо, бобом Шавкат оталар яшайдиган кўримсизгина кесакдеворли ҳовлигача етиб олдим.

Ана, тахта эшикли қадрдон ҳовли. Бир йил олдин шу уйдан тоғам Нормат тракторчи мени итдек қувиб солганди. Ҳовли бир йилда ҳам ўзгармабди. Ҳатто деворнинг қулаб тушган кесаклари ўрнини тўлдириб қўйишмабди. Демак, тоғам ҳануз ичкиликни ташламаган.

— Ярамас! — эшитилар-эшитилмас сўкиндим. — Тоға эмиш! Сен кўрсатган қора кунларни унутармидим?!. Бувижоним, бобом бўлмаса, бу уйга қадам босармидим. Нима қилай? Уларни соғинганман. Ҳар куни тушларимда кўраман…

Мен эҳтиёткорлик билан тахта эшикдан ичкарига мўраладим. Хайрият, кеннойим, тоғам кўринмади. Бувим астойдил пахта саварди.

Сал енгил тортгандек, ҳовлига қадам қўйдим.

* * *

— Вой, энанг ўргилсин, келдингми? — саксонни қоралаб қолаёзган бувижоним қўлидаги савағични ерга улоқтирди-да, базўр ўрнидан қўзғалиб мени бағрига олди. Кўзларида шу заҳоти ёш ғилтиллади. — Қайларда юрибсан-а, болам!?.. Ҳар куни йўлингга кўз тикаман. Бобонг ҳам қур-қур сўрайди… Соғ-омонмисан, ишқилиб?

— Эна, касал мендан қўрқади, — дедим кулиб. — Ишлаб, тирикчилигимни қилиб юрибман-да! Бошқа нимаям қила олардим?

— Тоғангни анави яшшамагур кеннойинг йўлдан урди-да! — шивирлади бувим атрофга аланглаб. — Бўлмаса, иккаланг бирга катта бўлдиларинг. Шундай ёвлашиб қоласанлар деб ким ўйлабди?!.

— Майли, қўяверинг, — бувимни юпатдим. — Худо бор-ку! Мен унутиб юборганман.

— Менга қара, болам, анчага келдингми? Вой, эсим қурсин, нималар деяпман ўзим? Онанг чақиртирганди-ку сени!.. Қарилик-да, болажоним, қарилик! Юр, сенга бир нарсалар кўрсатаман!

Бувим мени ичкарига етаклаб кирди-да, сандиқдан бир нечта бўҳчани олиб шолча устига ташлади.

— Мана шуларнинг ҳаммасини тўйингга деб йиққандим, — деди бувим. — Нима қилай? Бобонг икковимиз қариб қолдик. Қулоқсиз тоғангга кучимиз етмайди. Худо ярлақасин, Нурматвой инсофга келиб онангнинг гапига рози бўлибди.

— Эна, уникида қандай яшайман? — дея сўрадим норози оҳангда. — Ахир, уни ёқтирмаслигимни биласиз-ку! Қандай қилиб ўша одамминан бир эшикдан кириб-чиқаман?

— Онангга раҳминг келсин, болам! — уқтирди бувим. — Шўрлик Жамилам адойи тамом бўлди. Сени кўз олдида уйлантирмоқчи. «Шундай қилсам, эримнинг олдида тилим узун бўларди» деб ҳоли жонимга қўймади. Майли-да, барибир туққан онанг.

— Мен у ҳовлида яшай олмайман, — дедим қатийлик билан. — Эсингиздами, болалигимда борсам, Нурмат қора нуқул менга ўқрайгани ўқрайган эди?!.

— Қўй, ўша гапларни каллангдан чиқар! — деди бувим елкамга қоқиб. — У замонлар ўтиб кетди. Ўгай отангга инсоф кирган. Ҳаммаси яхши бўлади. Худо хоҳласа, тўйинг куни ўзим ўртага чиқиб дуо қиламан. Юр, аччиққина мастава қилиб қўйгандим. Икковлашиб ичайлик. Ҳали замон бобонг ҳам кеп қолади. Тазияга кетганди.

Мен бувижонимнинг елкасидан қучганча ташқарига йўл олдим.

* * *

— Пешонагинанг қурсин, болам, — бувим оғир хўрсинганча чойни шопира-шопира, қўлидаги пиёлани дастурхон устига қўйиб менга маюс тикилди. — Отанг қурмағур бўлимли бўлса, шу кунлар бошингда йўғиди. Ана, отасидан қолган боғ-роғларгача сотиб битирди. Энди ўзи кўчада қолди.

— Э, ўша одамни эслатманг, эна, — дедим зарда аралаш. — Болалигимда унинг келишини қанчалар орзиқиб кутардим. «Дадам менга у нарса опкелади, бу нарсани қўлимга тутқазади» деган орзулар билан кечалари ухламай чиқардим. У-чи? Бир дона хўрозқанд тутқазишгаям ярамасди. Энажон, барибир сизни, бобомни яхши кўраман. Сизлар бўлмасангиз, қай кўчаларда тентираб умр кечирардим. Менга сизлардан бошқа ҳеч ким керак эмас.

— Ундай дема, — сўзимни бўлди бувим. — Бизниям бойлаб бергани йўқ. Қариб қолдик. Онангга суянавер! Ахир, у сени дунёга келтирган. Майли, ўгай отангнинг гап-сўзларига чида! Онанг ҳурмати чида! Кам бўлмайсан.

— Хўп, — дедим бош эгиб. — Шу кунгача қандай қийинчилик бўлса, ҳаммасига бардош бердим-ку! Нурмат қоранинг гап-сўзлари нима бўпти… Яхшиси, болалигимдаги қизиқ воқеалардан гапириб беринг, эна! Ўша пайтларни жуда соғинаман.

— Ҳа, сени бобонгминан еру кўкка ишонмай катта қилдик. Беш яшарлигингда-чи, — бувим чарчади чоғи, ёстиққа ёнбошлади-да, сўзида давом этди. — бобонгнинг каттакон эшаги бўларди. Ўша эшакда кундузлари сигирларимизга чўлдан ўт юклаб келарди. Чўлга бормаган кунлари эшакни анави Маҳмуд биргаднинг даласи қирғоғига бойлаб келарди. Ҳар сафар кечқурун сен бобонгминан чиқиб кетардинг. Бобонг сени эркалатиб эшакка миндириб қўярди. Бир куни десанг, Мирзаёқуб қурғур ҳазиллашиб эшакни болтаминан туширибди. Эшак шаталоқ отганча югуриб кетибди. Сен қўрқиб кетганингдан ерга сакрабсан… Роса йиғлагандинг ўшанда.

— Сиз Мирзаёқубни уришмадингизми ўшанда?

— Уришиш ҳам гап эканми? Мана шу ҳассамминан тўғри уйига кириб бордим. Тиллақўзи буванг сўрида чой ичиб ўтирган экан. Қилдим тўполонни… Мирзаёқубнинг адабини Тиллақўзи буванг берди…

— Ҳа, у кунлар қайтиб келармиди, эна?!. — дедим оғир хўрсиниб. — Мана, улғайдим. Фақат… Сизлардан узоқдалигим алам қилаяпти. Чидолмай кетаяпман.

— Қўй, ундай дема. — елкамга қоқиб қўйди бувим. — Бачқирмаҳалла қочиб кетгани йўқ. Ўзим сени тез-тез кўришга бориб тураман… Болам, овқатингни ичиб бўлдингми? Баракалла! Энди-чи, секи-ин Бачқирмаҳаллага боргин, ўғлим, — дея ўрнидан қўзғалди бувим. — Жамила сенга кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир. Ҳали замон бобонг келса, бизам ўтармиз. Бўла қол, тағин, тоғанг кеп қолмасин. Биласан-ку фелини!.. Ичиб келса, жанжал кўтаради…

Ҳаммасини англаб турардим. Одам кексайгач, юраги заифлашиб, тўполон, бақир-чақирларни кўтара олмайдиган бўлиб қолади. Буни бувимнинг жавдираб аланглашларидан ҳам билиб олса бўларди.

Шоша-пиша оёғимга туфлимни илиб кўчага отилдим.

* * *

Катта йўлнинг шундоқ четидаги бу темир дарвозали уй менга уч яшарлигимдан бери таниш. Аммо сўнгги бор қайси йили келганим ёдимда йўқ. Бувимнинг айтишича, илк бор ҳовлига қадам қўйганимда, Нурмат қора менга ўқрайиб қараган-у, шундан кейин бу ҳовлидан қадамимни узган эканман.

Ўша ўқрайиш бир умр юрагимга муз каби қадалган эди. Онамни эслаганимда, дарров ўша кун ёдимга тушар, вужудим титраб, азойи баданимни совуқ тер босарди.

Ичкарига қадам қўярканман, четроқдаги томорқада Нурмат қоранинг астойдил ер чопаётганига кўзим тушди. Хўш, нима қилай? Югуриб бориб саломлашайми? Қандай қарши олади? Ўдағайлаб берса-чи? Нима бўпти? Ёш бола эмасман-ку энди! Муомаласига яраша жавоб қайтараман…

— Ҳа, келдингми? — Нурмат қора мени кўргач, қўлидаги кетмонни ерга ташлади-да, шошилмасдан мен томон юрди. — Келардинг яна бир-икки йил юриб!..

— Ассалому алайкум! — негадир овозим титраб чиқди. — О-онам уйдами?..

— Уйда бўлмай гўрда бўлармиди? — кутилганидек алик олиш ўрнига таҳдидли оҳангда жавоб қилди у. — Бор, қаққаймасдан сўрида ўтира тур! Келади онанг!

Жаҳлим чиқди. Ўгай отамнинг кўзларига совуқ тикилдим. Унинг қовоқлари уйилган, қорамтир юзи қизил тусга кириб, беўхшов мўйлови титрарди.

— Йўқ, — дердим хаёлан. — Мен бунақа одам билан бир дастурхондан ош ея олмайман. Бу тахлит муносабатлари бир кунмас бир кун паймонамни тўлдиради. Барибир портлайман. Яхшиси, онамга жабр қилмай, вақт борида кета қолай!

Шундай ўйлар билан кўча томон юрдим. Дарвоза ҳатлаб ташқарига чиқиш асносида ортимга ўгирилдим.

Нурмат қора аллақачон томорқага қайтиб ер чопишга тушиб кетганди.

  * *

Бахтга қарши, ўн-ўн беш қадам юрмасимдан қўшни ҳовлилардан бирининг дарвозаси очилиб, онам чиқиб келди. Анча озиб, сочлари янада оқарибди. Хаёлимда жуссаси ҳам ҳийла эгилгандек туюлди.

Онам мени кўрди-ю, таққа тўхтади. Бир муддат тикилиб тургач, тез-тез юриб келиб елкамдан олди.

— Келдингми, Қодиржон болам? — кўзларидаги ёшни енгига артиб бош эгди онам. — Келмайсанми деб қўрққандим… Нега уйга кирмадинг? Тинчликми?

— Кирдим, — жавоб қилдим совуққон оҳангда. — Сиз йўқ экансиз. Энди маҳалламизга кетаётгандим.

— Йўқ, юр, энди ҳеч қаёққа кетмайсан! Ҳали отангминан маслаҳатлашадиган гапларимиз бор. Юрақол!

Шу тобда ғалати ҳолатда қолгандим. Қайтай десам, Нурмат қоранинг бояги муомаласи ёдимга тушиб, жиғибийрон бўлар, қайтмай десам, онамнинг кўз ёшлари тўхтай қолмасди. Нима қилай? Дунё бунчалар сирли ва мураккаб бўлмаса?.. Қай томонга эгилишни билмайсан. Қай ёнингга эгилма, жонинг оғрийверади…

Ўй суришга, иккиланиб тураверишга тоқатим етмасди. Гарчи ҳаётда меҳрини туёлмаган бўлсам-да, барибир мени дунёга келтирган бу аёл онам эканини англаб турардим. Унинг хоҳишларига қарши боришга ўзимда куч топа олмасдим.

Қовоғимни уйганча ортидан эргашдим.

* * *

— Ҳа, қай гўрда санғиб юрибсан? — онам кирар кирмас ўдағайлай кетди Нурмат қора. — Қачондан бери кутаман.

— Анави… Сабриниса маслаҳатга чақирганакан, — жавоб қилди онам қўрқа-писа. — Индинга мушкул кушод ўқитмоқчийкан…

— Э, маслаҳатларингам ўлиб кетсин! — сўкинди Нурмат қора менга совуқ нигоҳ ташлаб. — Манавининг келганига бир соат бўлай деяпти.

— Хўп, отаси, ҳозир дастурхон ёзаман, — онам вазиятни юмшатиш ниятида ичкари хонага йўналди. — Овқат ҳам тайёр бўп қолгандир. Ота-бола еб оласизлар!..

— Келиннинг суратини опчиқ! — деди Нурмат қора. — Кўрсин, бориб гаплашсин! Фақат айтиб қўяй, болангга тушунтир! Ўзбошимчалик қилиб юрмасин! Мана шу қизга уйланади дедимми, тамом!

— Нега энди сиз айтган қизга уйланишим керак экан? — дедим ўзимни босолмай. — Нима, мен сизга ўйинчоқмидим?.. Нега онамга ўдағайлайсиз?

— Овозингни ўчир, тирмизак! — оғзидан кўпик сачратиб ўшқирди Нурмат қора. — Сенга ким қўйибди гап қайтаришни?

— Мен тирмизак эмасман! — бўш келмадим мен ҳам. — Армияни битириб келдим. Оғзингизга қараб гапиринг!

— Қўй, болам, сен пастроқ туш! — онам югуриб келиб мени четга тортди. — Отанг гапирганда хўп дегин-у, қўйгин!.. Юр, ичкарига кирайлик!..

Онам мени ичкари хонага етаклаб кириб эшикни тамбалади.

— Сен қайсарлик қилма! — шивирлади онам. — Отангни кўндиргунча бўларим бўлган. Ахир, мениям ўйлагин-да!..

— Нега у айтган қизга уйланарканман? — саволимни такрорладим. — Қаёқдаги қаланғи-қасанғи қизни топиб устимдан кулмоқчими? Умуман, бир умр ёқтирмай яшаган одам нега бирдан мени яхши кўриб қолди-ю, ўзи уйлантирадиган бўлди?..

— Уни мен тезлайвериб, ҳоли жонига қўймадим, болам — гапни кесди онам. — Мениям орзу-ҳавасларим бор. Сенинг хотининг мана шу ҳовлида, кўз ўнгимда юрса, хизматимни қилса дейман. Мени десанг, онам куйикда ўлиб кетмасин десанг, уйланасан! Отанг топган қиз қаланғи-қасанғи эмас. Ҳозир суратини олиб чиқай, ўзинг кўрасан!..

— Унда мен айтган қизга уйлантирсин! — бўш келмадим мен. — Унга нима фарқи бор?..

— Қиз отангнинг яқин оғайнисига жиян бўларкан. Чойхонада ўтирганда, лафз қилиб қўйибди. Шунинг учун бир гапга ёпишволди. Болам, ишон, отангам сенга ёмонлик қилмоқчи эмас. Лафзида турмоқчи, уйимизга яхши келин туширмоқчи холос…

— Билмадим, — дедим лаб тишлаб. — Барибир ишонгим келмаяпти.

— Кўп қайсарлик қилаверма! — уришган бўлди онам. — Ундан кўра, суратни кўр!..

Индамадим. Тағин дардимни ичимга ютдим. Тўғриси, мени дунёга келтирган, озми-кўпми бешигимни қучоқлаб тунларни бедор ўтказган бу аёлнинг тинчини бузишини, кўзлари ёшга тўлишини хоҳламасдим.

— Барибир, — ўйлардим ўзимча дарвозахонада сигарет тутатиш асносида. — Менга деса чўлоқ, маймоқ бўлмайдими?!. Нима фарқи бор? Онам шу билан хурсанд бўлса, билганларини қилишсин!..

* * *

Болалигимда унчалик этибор қилмас эканман. Онам бу хонадонда бека эмас, гўё чўридек югуриб елар, ҳар қадами, сўзлаган сўзида таҳлика зоҳир экан.

Ёши элликка бориб қолаёзган онажонимнинг аҳволини четдан туриб алам билан томоша қиларканман, барибир ожиз эканимни ҳис этиб турдим. Билардим, агар бир оғиз қарши сўз айтсам, Нурмат қора тўнини тескари кияди. Онамни таналар, ҳақоратларга кўмиб ташлайди. Демак, волидамнинг тинчи, ҳаловати бузилади. Сиқилади, қайғуради, хўрланади, куяди…

— Мана, Қодиржон, болам, келиннинг суратини кўр! — хаёлларимни бир нуқтага йиғиб улгурмай, онам ёнимга келиб қўлимга эскириброқ қолган суратни тутқазди. — Исми Шарифа. Қара, сулувгина қиз! Кўзларидан нур ёғилаяпти, ўғлим. Отангниям диди чаккимас. Илойим барака топсин!

Онамнинг сўнгги гапи миямга гурзидек урилиб қўққисдан бошимни кўтардим.

— Нима деди? Нега алқади? — деган хаёллар билан онамга тик боқдим. — Ҳозиргина гап эшитди, сиқилди. Нима учун яна эрини алқаяпти?.. Эссиз умр, эссиз ёшлик!.. Бу масума аёл бир умр шундай ўтадими?.. Ҳозир «Сизга шу Нурмат қорадан бошқаси қуриб кетганмиди?» дея сўрасам нима қиларкин? Қандай жавоб қайтараркин?.. Йўқ, хафа бўлади. Хафа қилиб қўйсам, ҳеч қачон ўзимни кечира олмайман. Яхшиси, тилимни тияман. Жимгина ўгай отанинг буйруқларини адо этаман. Майли, буёғини пешонамдан кўраман. Фақат онамни хафа қилишмаса, у киши қувноқ юрса бас. Ҳаммасига чидайман. Барча аламларни ичимга ютаман. Ўлиб қолмайман-ку!..

Аммо… Суратдаги қиз мен ўйлаганчалик ҳунук ёки кўримсиз эмасди. Қош-кўзлари қоп-қора, қорамағиз юзида бир дунё жозиба зоҳир эди. Йўқ, адашибман… Хом сут эмган бандаман-да!.. Ўгай отамдан гумонсираб ўтирибман… Онам ҳақ. Ростдан ҳам Нурмат қоранинг диди чакки эмасга ўхшайди… Бу қиз жуда мулойим, меҳрибон кўринади…

— Хўп, она, ҳозироқ шу қиз билан учрашиб гаплашаман. — дедим ер чизиб. — Менга қаерда учрашишимни айтинг.

— Хурсаной холаваччангникида кўришасизлар, — уқтирди онам овозини ҳийла пасайтириб. — Хурсанойнинг қўшниси экан. Ўзи чопқиллаб чақириб чиқади. Айтганча… Келин бўлмишнинг исми Шарифа. Эслаб қол!

— Хўп, мен кетдим, — дедим гапни кесиб. — Жавобини бирров кириб айтарман.

— Бу ерга… Келмайсанми бугун? — хавотирли оҳангда сўради онам.

— Билмадим… — дедим елка қисиб. — Кўрарман… Барибир бу ерда қиладиган ишим йўқ-ку! Энажонимминан қолсам керак.

— Бўпти, билганингни қил! Худо йўлингни ойдин қилсин!

Нурмат қоранинг дарвозасини ҳатлаб ташқарига чиқдим-у, елкамдан тоғ ағдарилган каби енгил тортдим. Чуқур-чуқур нафас олдим-да, қўшни қишлоққа равона бўлдим.

* * *

Йўл-йўлакай Шарифанинг суратига боқдим. У суратдан менга тикилганча маюс жилмайиб турарди. У қайсидир танишимни эслатарди. Ўзимча бош қотириб, уни қаерда кўрганимни эслашга уриндим. Сира эслолмадим.

— Наҳотки шу қиз менинг умр йўлдошимга айланса? — дедим ўзимга ўзим. — Бу қизнинг меҳрига арзирмиканман? Мендек ташландиқ, омадсиз бир етимни кўзга илармикан? Кўринишидан ўта жиддий, мулоҳазали, мағрурга ўхшайди. Менинг ўтмишимни эшитса, юзини терс бурмасмикан? Ахир, мендайлар кимга ҳам керак. Ким ҳам оғриқсиз бошига дард орттирарди…

Шундай хаёллар оғушида ярим соат деганда холаваччам Хурсаной опанинг ҳовлисига етиб бордим.

Хурсаной опам мактабда муаллималик қилади. Бу ҳовлига яқинда кўчиб ўтгани боис ҳали тузук-қуруқ дарвоза қуришга ҳам улгурмаган. Поччам Самад ака тахтадан қўрасифат эшик ясаб қўя қолган.

Холаваччам ташқарида кир ёяётган экан. Мени кўрди-ю, кулимсираганча пешвоз чиқди.

— Вой, укажоним, сениям кўрар кун бор экан-а?!. — маҳкам қучиб сўрашди у. — Яхшиям баҳона топилибди. Бўлмаса қадам босмас экансан-да биз томонларга!

— Йўғ-э, — дедим хижолат тортиб. — ўзим ҳам келмоқчи бўлиб юргандим. Онам…

— Жуда яхши қипсан, — елкамга қоқиб ичкарига бошлади холаваччам. — Шарифа зўр қиз! Фабрикада тўқувчи бўлиб ишлайди. Қўли гул, ўзи келишган, барно қиз.

— Сиз айтганмидингиз? — сўрадим ҳайрон бўлиб. — Нурмат қора…

— Қўй, ўшанинг номини атама. — қўл силтади холаваччам. — Бети қурсин ўгай отангнинг!.. Уф-ф… Пешонамиз қуриб кетсин, худоё! Ўша ярамасга кунимиз қолиб ўтирибди-да, жияним! Нима қилайлик?!.

— Қўяверинг, — холаваччамни тинчлантирган бўлдим мен. — онам хурсанд бўлиб юрса бас. Ҳаммасига чидайман. Ҳар ҳолда менга зуғум ўтказа олмас. Ёш бола эмасман-ку!

— Ўтказиб кўрсин! — дея қовоқ уйди холаваччам. — Кунини кўрсатиб қўямиз. Бўпти, юр, остонада турмайлик! Ҳозироқ Шарифани чақираман.

* * *

Ичкари хонага кириб ўтирганданоқ юрагим беихтиёр дукиллаб, миям қизиб бораётганини ҳис эта бошладим. Бундай ҳолатга қаттиқ ҳаяжонга тушган онларимда дуч келардим.

— Бу қизнинг ота-онаси бор, — ўйлардим ўзимча. — Менга ўхшаб момосининг қўлида ўсмаган. Мен каби аллакимларнинг турткисини еб, кимларнингдир ҳафтасига янгилайдиган ярқироқ кийимларига суқланиб яшамаган. Ҳамма нарсаси етарли. Хоҳласа ота-онасига эркаланади, хоҳласа жаҳл қилади. Бундайлар мени писанд қилармикан? Менинг ички дунёмни ҳурматлай олмаса-чи? Ўтмишимни эшитиб кулса-чи?..

Мана шундай чалкаш хаёллар оғушида чамаси ўн дақиқача ўтириб қолдим. Шу пайт ташқари эшик ғийқиллаб очилиб, кимдир оҳиста ичкарига кирди.

Азойи баданим титраб даст ўрнидан турдим.

Ҳа, ана, мен суратини кўрган қиз қаршимда ҳозир бўлди. У бошини хиёл эгиб олганча менга эшитилар-эшитилмас салом берди.

Алик олиб уни ўтиришга чорладим.

Шу кўйи бир неча дақиқа жим қолдик. Аммо бу аҳволда ўтиравериш одобдан эмасди. Биринчи бўлиб ўзим гап бошлашим керак.

Хўш, нима дейман? Нимани сўрайман? Аксига олгандек, лабларим ҳам титраб бораётгандек эди.

Йўқ, ўзимни қўлга олмасам, шарманда бўламан. Қиз бола билан гаплашганда сал дадилроқ бўлишим лозим. Йўқса…

— Яхшимисиз, Шарифахон? — эҳтиёткорлик билан сўрадим ундан.

Бўлғуси қаллиғимнинг қорамағиз юзи хиёл қизариб бошини кўтарди.

— Раҳмат! Ўзингиз яхши келдингизми?

Жавоб бериш ўрнига Шарифага зимдан нигоҳ ташладим. Унинг узун киприклари безовта пирпирар, қалин қошлари чимирилиб, ҳаяжонини ошкор этиб қўярди.

— Вақтингизни олиб бу ерга чақиртирганим учун кечиринг! — дедим ҳамон мақсадга ўтишдан чўчиб. — Аслида…

— Вақтимни олмадингиз, — кулимсиради Шарифа. — Яхшиси, ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг!

Бу айни муддао эди. Боядан бери нима дейишни, қаршимдаги қизнинг кўнглига қай йўл билан кириб боришни билмай ўтирганим ҳарқалай ортда қолди. Энди суҳбатимизга мазмун кириши аниқ бўлди.

Оғир хўрсиниб ҳаётим ҳақида Шарифага ҳикоя қила бошладим…

(давоми бор)

Хикоялар
АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (1-қисм. Биринчи фасл)