Абдулла Авлоний (1878-1934) to’liq malumot oling

Абдулла Авлоний (1878-1934) to’liq malumot oling

Абдулла Авлоний (1878-1934)

Атоқли маърифатпарвар, истеъдодли шоир ва педагог Абдулла Авлоний 1878 йил 12 июлда Тошкентда косиб оиласида дунёга келган ва эски мактабда таълим олган. У таржимаи ҳолида бу ҳақда шундай ёзган: «12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқий бошладим. 13 ёшимдан бошлаб ёз кунлари мардикор ишлаб, оиламга ёрдам қилиб, қиш кунлари ўқир эдим. 14 ёшимдан бошлаб, ўша замонга мувофиқ ҳар хил шеърлар ёза бошладим.  Бу замонларда «Таржумон» газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим». Авлоний мадрасани битириб, мактабдорлик билан шуғулланди. Ўқиш ва ўқитиш усулига ислоҳ киритиб, янги типдаги мактаб ташкил этди ва ёш педагог-ўқувчиларга замонавий билимлар бериш, Шарқ ва Ғарб тилларини ўргатиш каби муҳим таълим-тарбиявий ишларни амалга оширди.

Абдулла Авлоний мактаб ўқувчилари учун «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим» (1912), «Тарих», «Туркий Гулистон ёки ахлоқ» (1913) каби замонаси учун ҳодиса бўлган дарсликларни ёзган. 1895 йилдан ижодий фаолияти бошланган Авлоний «Қобил», «Шуҳрат», «Ҳижрон», «Авлоний», «Сурайё», «Абулфайз», «Индамас» тахаллуслари билан шеър, ҳикоя, фельетон ва кичик ҳажмли драматик асарлар яратган. Шоир ўз асарларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни танқид қилади ва кишиларни билимга, маърифатга чақиради.

Абдулла Авлоний 1917 йилгача маҳаллий халқ орасидан етишиб чиққан ношир ва журналист сифатида Тошкентда «Шуҳрат», «Осиё» каби газеталарни ташкил этади. У «Адвокатлик осонми?», «Икки муҳаббат», «Тўй», «Съезд», «Лайли ва Мажнун», «Ўликлар» каби драматик асарларни ёзиб, уларда жаҳолат, бидъат, билимсизликнинг фожеали оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларни фош этади. Абдулла Авлоний шоир сифатида кўплаб шеърлар битган. Унинг шеърлари хоҳ эски урф-одатларга қарши қаратилган бўладими, хоҳ муҳаббат ёки мактаб-маориф ҳақида бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсон, унинг ахлоқий гўзаллиги ва маънавий бойлиги куйланади. Жумладан, «Ўз мамлакатимизда» шеърида маишат учун пул-бойликни мўл-кўл исроф этган, аммо бола тарбияси учун сариқ чақани раво кўрмаган хасисларни «Илм учун пулни кўзлари қиймас», деб қоралайди. Айниқса, унинг «Адабиёт» (1915) китоби бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Авлоний 1913 йили «Турон» театр труппасини ташкил этди ва шу театр учун оригинал саҳна асарларини яратиш билан бирга қардош драматургларнинг пьесаларини ўзбек тилига таржима ҳам қилди.

Абдулла Авлоний 20-йилларда ўзбек халқи маорифи ва маданияти тараққиётида иштирок этибгина қолмай, қўшни афғон халқининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муайян рол ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар Иттифоқининг Афғонистондаги консул-элчиси вазифаларида хизмат қилган.

Авлоний умрининг сўнгги йилларида Ўрта Осиё Коммунистик университетида дарс бериш билан бирга ўзбек адабиётидан қатор дарсликларни яратган. У 1934 йил 24 августда 56 ёшида вафот этган.

Мақолалар

Бегали Қосимов, Шуҳрат Ризаев. Абдулла Авлоний (1878-1934)
Ўзбек шеърияти: Абдулла Авлоний (1878-1934)
Маънавият юлдузлари: Абдулла Авлоний (1878-1934)
Биография: Абдулла Авлони (на русском языке)
Biography: Abdulla Avloni (in English)

Абдулла Авлоний мақолалари

Абдулла Авлоний. Саное нафиса (1922)
Абдулла Авлоний. Закот
Абдулла Авлоний. Кайфим учди
Абдулла Авлоний. Ўз шаҳримда саёҳат
Абдулла Авлоний. Ким нимани яхши кўрар?
Абдулла Авлоний. Тиётр хусусида мунозара
Абдулла Авлоний. Маданият тўлқунлари

Абдулла Авлоний китоблари

Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2 жилдлик. 1-жилд: Шеърлар, ибратлар. Тошкент, «Маънавият», 1998.
Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2 жилдлик. 2-жилд: Пандлар, ибратлар, ҳикоятлар, набийлар ҳаёти, драмалар, мақолалар, саёҳат хотиралари. Тошкент, «Маънавият», 2006.

Biografiya
Абдулла Авлоний (1878-1934)