Ҳикоя: Икки йиллик азоб
Тошкент шаҳридан келаётган «Ласетти» салонидаги йўловчилар машина йўлга чиққандан бошлаб ухлашаётганди. Олд ўриндиқдаги йўловчи туш кўряпти, шекилли, алланималарнидир пичирлаб келди, кейин бирдан: «Гулим, мен сенга жигаримни бераман, хафа бўлма!» деди-ю, ўз товушидан уйғониб кетди. Ялт этиб ҳайдовчига қаради, бироз жим туриб:
— Қаерга келдик? — деб сўради.
— Тўрткўлга кириб келяпмиз, — деди ҳайдовчи ва гапида давом этди. — Нима гап, тинчликми, ука?
— Ҳа, тинчлик, раҳмат.
Бу йўловчи ўттиз беш ёшлардаги Анвар бўлиб, у пойтахтдаги қурилишларда ишлаб, беш ой деганда уйига, оиласи даврасига қайтиб келаётганди. Анвар машина ойнасидан йўлга қараб келаркан, «Тўрткўл» ёзувини кўриб, уйига яқин қолганига қувонди. Ўзининг никоҳ тўйини эслаб, ширин хотиралардан жилмайиб қўйди. Гулнора иккиси шу ердаги ҳайкал пойига гуллар қўйишган, барча танишлар, дўстлар шу ерда иккала ёшга бахт тилашганди. Ширин хотиралардан жилмайиб ўтирган Анварнинг туман тиббиёт бирлашмаси ёнига келган вақтида кўзларида аллақандай маюслик ва совуқлик ўйнади. Сўнгги икки йил ичида бу касалхонага неча маротаба кириб чиққанини санаса, адашиб кетади.
«Сўнгги икки йил… Менинг умримни, бахтимни, ҳаётимни барбод қилмоқда», деб пичирлади йигитнинг лаблари.
Бундан икки йил бурун Гулноранинг қорнида қаттиқ оғриқ бўлганлиги сабабли Анвар уни касалхонага олиб келганди. Олдин ҳам бир неча маротаба ана шундай ҳолатларда Гулнора дори ичиб, касалхонага боришдан бош тортган, бироқ охирги оғриқ қаттиқ бўлганлиги боис Анвар аёлининг қаршилигига ҳам қарамасдан касалхонага олиб келган эди. Шифокорлар Гулноранинг дардига «жигар циррозининг учинчи босқичи» ташхисини қўйишди. Шу икки йилдан бери Гулнорани даволатиш учун барча ҳаракатларни қилди. Бироқ оғир дардга йўлиққан Гулнорага ҳеч нарса фойда бермаяпти. Олдин бор топганини Гулноранинг даволаниши учун сарфлаган Анвар пули тамом бўлгач, уйининг шифери, эски буюмлар, мол-ҳолларигача сотди. Кейин Тошкентга ишлагани кетиб маошини ойма-ой Гулнорага жўнатиб турди.
* * *
Анвар уйига кирди. Кирган заҳоти тўртинчи синфда ўқийдиган ўғли Валибек «Дадам келди»лаб, бўйнига осилди. Унинг орқасидан қизи Хосият ҳам югуриб келди. Ошхонада куймаланиб юрган Гулнора эрига қараб жилмайиб салом бераркан:
— Йўлда қийналмасдан келдингизми? — деди меҳрибонлик билан.
Гулнора жилмайиб турган бўлса ҳам унинг сарғайиб кетган юзини кўриб, Анварнинг юраги эзилди. Бунинг устига, аёлининг кўзлари ичига кириб кетган, яна озиб ҳам қолганди.
— Дориларинг борми?
— Ҳа, бор.
— Телевизорни қанчага сотдинг? — деди Анвар телевизор турган жойнинг ўрнига қараб.
Гулнора эрининг «Телевизорни сотиб, пул қил», деган гапларига зўрға кўнганди.
— Яхши нархда сотдим, ўзингиз қийналмадингизми? Энди нима қилмоқчисиз?
— Аҳмад билан гаплашиб қўйдим, иккаламиз эртадан лойсувоққа чиқамиз.
— Ҳали ҳаво совуқ-ку, яна шунча ишлаб чарчаб келдингиз, бир-икки кун дам олиб, кейин чиқсангиз бўлмайдими?
— Ҳозир бирга чиқмасам, эртага ўрнимга бошқа одам чиқиши мумкин.
Тун оғиб, хонада иккиси ёлғиз қолишган маҳал Гулнора Анварнинг қўлидан ушлаб:
— Сизга бир нарса айтмоқчиман, — деди.
— Айт?!
— Энди дори ва касалхонани йиғиштирсакмикин, дейман. Барибир, фойдаси бўлмаяпти. Шифокорлар онамга икки-уч йил умрим қолганини, бу дори-дармонлар фақат дардни сал узоқлаштириб туришини айтишган экан…
— Жиннимисан?! Сени даволатаман, Хосиятни узатамиз. Валибекни уйлантириб, келин туширамиз ҳали. «Яхши ният — ярим давлат», дейишган.
— Ҳамма нарсамизни, уйнинг шиферларию молларимизгача сотиб бўлдик. Бу кетишда мени даволатаман деб, уйдан ҳам айриласиз, ахир!
— Бўлмағур гапларни валдирама!
— Фарзандларимиз эртаси учун ҳам пул керак-ку?!
— Мен ишлайман…
— Анвар ака, энди кеч қолдик…
— Бас қил!..
Гулнора йиғлай бошлаганди, Анвар уни овутиб, бағрига босди….
Эртаси куни лойсувоққа кетгач, Анвар кечқурун анча ҳорғин ҳолда қайтиб келди. Кўзларини зўрға очиб ўтирган Анвар овқатни еб бўлгач ўтирган жойида ухлаб қолди.
Эртасига ишга бормади. Чунки дўстининг ёнида бошқа одам ишга чиққан экан. Бошқа иш топишини айтиб, бугун уйда бўлишини такидлади. Тушликкача акаси Рашидни кўриб келаман, деб уйдан чиқди. Акасининг уйида алланечук бўлиб ўтирди. Акаси бирга тушлик қилишни айтган бўлса ҳам унамай, уйига шошилди.
Анвар йўлда келаркан, ўзига ўзи гапира келди: «Нега, нега ахир, нима гуноҳимиз учун бу аҳволга тушиб ўтирибмиз? Бу ланати касалликни нима учун даволай олишмайди? Нега кеч қолдик? Ё Худо, дардини берган Ўзинг, шифосини ҳам бер! Гулим, сўлим боряпсан, Гулим, Гулим…»
Анвар уйи олдига келиб, ўғли ва қизининг эшик тагида турганини кўрди-ю, сесканиб кетди. «Тичликмикин, бирор фалокат бўлдимикин?» деб ўйлаб қадамларини тезлатди.
— Нимага бу ерда турибсизлар? — деб сўради фарзандларининг ёнига келиб.
— Ойим эшикни очмаяти ё бирор жойга кетганмикин? — деди қизи Хосият йиғламсираб.
Анвар чўнтагидан иккинчи калитни олиб, эшик қулфини буради ва уйга секин кириб борди. Гўё оёғига тош боғлаб қўйилгандек эди.
Анвар, қизи, ўғли — бари Гулнорани излай бошлашди. Анвар ётоқхонадан чиқаётганда ўғлининг «Ойи!» деган чинқириғини эшитди.
Валибек омбор эшигини очиб, қотиб қолганди. Анвар омборхонага югурди. Остона хатлабоқ тош қотди. Сўнг осилиб турган Гулноранинг оёқларидан қучоқлаб, юқорига кўтарди.
— Нима қилиб қўйдинг, нима қилиб қўйдинг, нега бизни ташлаб кетди-инг?! — дерди Анвар хотинининг совиб қолган танасини қучоқлаб.
Тезда етиб келган шифокорлар ва ички ишлар ходимлари воқеани ўрганиб, керакли ҳужжатларни расмийлаштиришди.
— Буни ўқидингизми? — деди ички ишлар ходими Гулноранинг жасадини тиббий экспертизага олиб кетишларидан сал аввал Анварга бир варақ қоғозни кўрсатиб. — Шу ерда турган экан, сизга ёзилган хат.
Анвар шкафда қолдирилган хатни кўрмаганди. Қўллари қалтираб қоғозни олди. Таниш ёзувга кўзи тушди. Гулнораниг ёзуви эди бу. Эҳтимол, йиғлаб ёзган бўлса керак, хатдаги айрим ҳарфлар сув теккандан доғ ҳолатига тушганди.
«Анвар ака, мени кечиринг, мени севганингиз учун раҳмат! Менинг тақдиримни сиздай инсон билан боғлаган Аллоҳимга шукр. Афсус, бахтимиз узоққа чўзилмади. Бироқ шириндан шакар икки фарзандимизни сизга қолдиряпман. Мени даволатиш учун ўзингизни аямадингиз. Қийналдингиз, аммо буни менга билдирмасликка ҳаракат қилдингиз. Сўнгги икки йилда сизни кўп қийнадим. Ўз жонига қасд қилиш гуноҳ, кечирилмас гуноҳ эканини биламан. Лекин мени ҳам тўғри тушунинг. Дўхтирлар айтганидек, бир йил ёки яна икки йил яшашим мумкиндир, бироқ, барибир, охири малум. Мен сўнгги юборган пулингизга ғишт олдим, улар товуқхонанинг ёнида турибди, кўрдингиз. Сизни бу жўжалар учун алоҳида катак, деб алдаган эдим. Уйнинг у ер-бу ерини тўғрилашга керак бўлади. Сандиқда кафанлик ва маракалар учун пул бор. Телевизорни ҳам сотмагандим, уни омборхонадаги шкафнинг орқасига беркитиб қўйганман. Фарзандларимизга ҳам менинг қилган ишимни тушунтиринг. Мени кечиринг… Сизларни севиб қолувчи Гулингиз. Алвидо!»
Хикоялар
Ҳикоя: Икки йиллик азоб