Ҳикмат излаганга: БАДФЕЪЛ АЁЛ ЧАНГАЛИДАГИ ШОИР


Машҳур шоир, адиб ва мутафаккир Муслиҳиддин Садий Шерозий Шарқ халқлари орасида Шайх Садий номи билан шуҳрат қозонган. Бу инсон 1203 йили Шероз шаҳрида туғилган. 10-11 ёшларида эса отадан етим қолади. Унинг «Бўстон” ва «Гулистон” асарларидан баҳраманд бўлмаган адабиёт мухлиси топилмаса керак.
Барча машҳур кишилар каби Садий ҳаёти ҳам афсона ва ривоятларга кўмилиб кетган. Мадрасани тутатган Садий олган билимларини амалиётга қўллаш ўрнига, Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатга отланади. Буни икки сабаб билан асослаш мумкин: биринчиси – шоирнинг саёҳатга ўчлиги, иккинчиси – мўғуллар тасарруфидаги улкан ҳудудда илму ижод учун осойишта шарт-шароитнинг йуқлиги. У гоҳ олим ва воиз, гоҳ сўфий ва дарвеш суратида Эрон, Арабистон, Кичик Осиё, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон каби мамлакатларни базида оту эшак, базан эса пойи пиёда кезиб чиқади. Бу саёҳатлар 20 йилдан ортиқ давом этган. Саёҳат даврида Садийга карвонни қароқчилардан ҳимоя қилиб, муҳорабага
киришига ҳам, турли жойлардаги мадраса ва қозихоналарда ваз ўқишига ҳам, шайху сўфийлар билан мубоҳаса қилишига ҳам тўғри келган.
У Ҳиндистонда ҳам бўлиб, бир муддат бутхонада истиқомат қилган, салибчиларга асир тушиб, уларнинг қалаларини тузатиш ишларида ҳам қатнашишга мажбур бўлган. Турли манбаларда шоирнинг Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳати 20 йилдан 50 йилгача давом этгани нақл қилинади. Ёки у жуда узоқ 102, 108, ҳатто 120 йил умр кўргани айтилади. Гўё у ўз умрини уч қисмга тақсим қилиб, 30 йилини илм таҳсили, 30 йилини саёҳат, 30 йилини ижодга бағишлаган эмиш.
Шоир ҳаётини тадқиқотчилар унинг асарлари асосида тиклашга ҳаракат қилганлар.
«ГУЛИСТОН” АСАРИДА ШУНДАЙ ҲИКОЯТ КЕЛТИРИЛАДИ
«Дамашқдаги дўстларимнинг суҳбати жонимга тегиб, шаҳардан бош олиб, Қуддуси шариф биёбонига жўнадим-да, ҳайвонлар билан улфатлашиб, то фаранглар қўлига асир тушгунимча ўша ерда яшадим. Мени яҳудийлар билан бирга қўшиб, Тароблис хандақини қазишга олиб бориб ишлатдилар.
Ҳалаблик сардорлардан бири мен билан ошна эди, ёнимиздан ўта туриб, мени таниб қолди-да, хитоб қилди: «Ие, бу қандай ҳол?”
Мен унга: «Нима ҳам дейман?” деб жавоб бердим.
Аҳволимга ачиниб, ўн динор тўлаб, асирликдан халос этди ва ўзи билан Ҳалабга олиб кетди. У ерда юз динорлик қалин пули билан қизини менга никоҳлаб берди. Орадан сал вақт ўтгач билсам, қизи бадфел, шаллақи ва ўжар экан, тилини заҳар қилиб, жонимдан безор эта бошлади. Охири бир кун башарамга тик боқиб, тана-маломатлар билан деди: «Сен отам ўн динор баробарига фаранглардан халос этган одам эмасмисан?”
Мен жавоб бердим: «Ҳа, отанг ўн динор баробарига фаранглардан озод этиб, юз динор баробарига чангалингга топширган одам мен бўламан!”
Ҳикоятлардан келиб чиқиб, унинг ёмон хотинга учрагани, ундан бир ўғил кўриб, Яманда бўлган вақтида ёлғиз жигарбанди ҳам вафот этгани хусусида малумот қолган. «Бўстон”нинг шоир ҳаёти тафсилотларига бағишланган қисмида қуйидаги ишорага дуч келамиз:
Ба Санодурам, тифле андар гузашт,
Чи гўям к-аз онам, чи бар сар гузашт..
Мазмуни: «Санода мусофирлигимда болам дунёдан ўтди. Бошимдан кечган ҳодисаларнинг қайси бирини айтай?”
Саёҳатлар давомида Садий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон фелини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишади. XIII асрнинг ўрталарида Шерозга қайтиб келган шоир дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечиради ва 1292 йили вафот этади.
«Садий ёлғиз Эрон эмас, балки Осиёнинг, Африқонинг ҳамма ерида ҳурматли бир файласуфдир. Унинг тарзи баёнининг тароватини ва ифодасининг қимматини Оврупо илму адаб аҳли ҳам кўпдан бери тан олганлар”, деб ёзади машҳур мажор олими Херман Вамбери.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига «Гулистон”дан олинган қуйидаги мисраларнинг дарж этилгани ҳам Садийнинг инсоният шоирига айланиб кетганлигидан далолат беради:
Бани одам азои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор.
Мазмуни: «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир азосига жароҳат етказса, бошқа азолари ҳам ўз тинчини йўқотади”.
Хикоялар
Ҳикмат излаганга: БАДФЕЪЛ АЁЛ ЧАНГАЛИДАГИ ШОИР